Чумчуқни энди ким сўяди?!

Бугун ҳар ким ўз фикрини ҳеч бир таҳрирсиз, мустақил ифодалай олиш имконига эга. Бунга журналистикадаги янги оқим – блоггинг йўналиши ёки, бошқача айтганда, фуқаролик журналистикаси бош сабабчи!

Фан-техника тараққиётининг улкан ютуқларидан бири бўлган интернет шарофати билан эндиликда қай бир соҳага назар солманг, албатта, блогерлар “дастхати”ни кўрасиз. Энг муҳими, шу орқали халқни лоқайдлик ҳисси тарк этмоқда. Бу – катта эврилиш!

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мавзу: “Журналистика соҳасида фақат профессионаллар қалам тебратиши керакми?” – деган саволга жавоб бериш асносида халқимизнинг тарихий бир мақоли ўз долзарблигини йўқотиб бораётганига амин бўлдим.

“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин!” Балки бу мақолни эндиликда журналистикага нисбатан татбиқ этмаган маъқулмикин? Нима дейсизлар?!

Сабабини сўраяпсизми? Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Майли бир-иккитасини санаб ўтишим мумкин.

Биринчидан, янгиликларни етказишда блоглардаги тезкорлик бошқа ҳеч бир оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) учрамайди. Бирор бир аҳамиятга молик воқеа содир бўлдими, тамом – биринчилардан бўлиб аллақайси бир блогда бу ҳақда албатта ёзишади.

Иккинчидан, эндиликда, қанчалик ғалати туюлмасин, расмий ОАВ ҳам блогларда чиққан янгиликлардан ўз нашрларида кенг фойдаланмоқда. Биргина мисол: блогер Хушнудбек Худайбердиевнинг “Трастбанк”га хат!”и бир неча интернет нашрлари ва босма ОАВлари учун яхшигина материал вазифасини ўтаб берди.

Учинчидан, эндиликда пресс-конференцияларда блогерларнинг ҳам иштирок этиши аввалдан тайёргарлик кўрилган савол-жавоблар бўлмаслигини кафолатламоқда. Бу, ўз навбатида, ошкоралик ва ҳаққонийликни таъминлашга хизмат қилади.

Тўртинчидан, ҳозир шундай блогерлар авлоди шаклланмоқдаки, улар баъзи профессионал журналистлардан фарқли ўлароқ, воқеликни шунчаки баён этмай, балки бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларга ўз нуқтаи назарини билдирмоқда. Фикр билдирганда ҳам, профессионаллардан савиялироқ хулосалар беришмоқда. Бу фикрлар хилма-хиллиги ёки плюрализмга ишончли замин яратади.

Бешинчидан, халқ ўз фикрини билдирмоқда. Демак, фуқаролик жамияти шаклланмоқда. Жуда катта муваффақият бу! Ва ҳоказо…

P.S. Хуллас, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Лекин блогерлар бундан мустасно…

P.S.-2. (08.01.2014) Ушбу блогпостимга ўз вақтида Муҳрим Аъзамхўжаев (қуйида келтирилган шарҳ) ва Шермуҳаммад Абдуғофуров раддия ёзиб, журналистика ва блоггинг бир-биридан мустақил экани ва ҳар бири ўз ҳолича ривожланиши кераклигини таъкидлашганди. Дарҳақиқат, анчайин мунозарали мавзу. RELGA журнали маълумотларига кўра, блогерларнинг 52 фоизи ўзини журналист деб ҳисоблар экан. Албатта, ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бор. Ўзбек блогерлари ва журналистлари бу ҳақда нима дейди?

Реклама

6 thoughts on “Чумчуқни энди ким сўяди?!

  1. Muhrim A’zamxo‘jayev:

    Биринчидан, янгиликларни етказишда чет элдаги блоглар тезкор бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистондагилар эмас.

    Иккинчидан, расмий ОАВ деганда — «Халқ сўзи», «Правда Востока», «Ўзбекистон» радиоси ва телеканали ва ҳакозо, ва ҳакозо шунга ўхшаш давлат ташкилотлари муассислигидаги ОАВ тушунилади. Булар ҳали блогларда чоп этилган маълумотлардан фойдаланишни бошлагани йўқ. Давлат рўйхатидан ўтган ҳар бир нашр «расмий ОАВ» бўлавермайди. Блогларга манбаларни, хусусан, сиз келтирган мисолда воқеаларни давлат рўйхатидан ўтган, бироқ давлат ташкилотларига бўйсунмайдиган, мустақил нашрлар ёритди.

    Учинчидан, ҳамма пресс-конференцияларда ҳам блоггерлар иштирок этаётгани йўқ. Иккита матбуот анжуманида блоггерларни кўриб қолиб, «ана, блоггерлар ҳам келишяпти экан», дейиш — кўп тўғри эмас. Модомики, матбуот анжуманларига ҳақиқатан ҳам кўплаб блоггерлар ташриф буюраётган бўлганида эди, биз албатта блогларда айнан ўша матбуот анжуманлари бўлаётгани ҳақида кўплаб ўқирдик. Йўқ, ҳозирча ундай бўлаётгани йўқ. Бундан ташқари, блоггерларга ҳам олдиндан тайёрланган

    Тўртинчидан, ахборий жанрлардаги журналистик материалларда ҳеч қачон хулоса бўлмайди, аксинча, ўқувчи унга берилаётган ахборотни ҳазм қилиб, ўзи хулоса чиқаради. Лекин бадиий-публицистик жанрларда (дейлик, фелъетон, памфлет ва ҳакозо) ёзадиган журналистлар ҳам бор ва уларда фикр бўлади. Баъзан, журналистлар ёзган репортажларни ўқиб, бевосита воқеа жойида бўлгандек ҳис қиласиз ўзингизни.

    Блоглар яхши, улар кўпайса — ундан ҳам яхши. Бироқ ҳозир, ҳозирги Ўзбекистонда уларнинг ижтимоий аҳамияти жуда паст, деярли сезилмайди.

    • Эътибор учун катта раҳмат! Мен ўзимни ҳақиқий блогер деб ҳисобламайман, журналистликка даъво қилиш ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ёзганларим — шунчаки шахсий қарашларимдир.

      Мен профессионал журналистларни ҳурмат қиламан, уларнинг меҳнатини қадрлайман, қанчалик заҳмат чекишларидан хабардорман. Чунки журналист бу, гўёки, дорда юраётган дорбоз сингари қалтис касб эгасидир. Озгина оғишдими, тамом, ўзини ҳалок қилади. Нафақат ўзини, балки бутун жамиятни йўлдан адаштиради. Холислик журналист учун бош мезон.

      Айтмоқчи бўлганларим эса оддий.

      Биринчидан, мен умуман гапирдим. Ажратмадим — бу Ўзбекистон учун, бу дунё учун деб. Мен учун журналистнинг қаерда ижод қилаётгани муҳим эмас. Балки қандай ижод қилаётгани эътиборимни тортади.

      Иккинчидан, шундай журналистлар борки, улар гўёки воқеликни шарҳлаётгандек туюлса-да, аслида ўз нуқтаи назарини томошабин (тингловчи, ўқувчи) онгига усталик билан сингдиради. Натижада ўқувчида маълум бир хулоса пайдо бўлади. Бу хулосанинг 75 фоизи журналист хулосаси эканини ўзи пайқамайди. Мана профессионаллик қаерда!

      Учинчидан, агар «Давр» ахборот дастури расмий ОАВ деб ҳисобланадиган бўлса, у ҳолда бу дастур орқали жаҳон видеоблогларидаги ўнлаб янгиликлар намойиш этилганига шахсан гувоҳ бўлганман. Агар бу расмий ОАВ мақомида бўлмаса, унда фикрим хато бўла қолсин.

      Тўртинчидан, журналистика деганда фақат ахборот етказишни назарда тутиш соҳага нисбатан жуда юзаки ёки тор қараш бўлади, назаримда. Ахборот дастурларидан бошқа яна кўплаб дастурлар (чиқишлар) ҳам борлигини унутиш керак эмас. Баъзан «Очиқ мулоқот» дастури орқали бошловчи ва мухбирлар томонидан билдирилаётган хулосалар гўёки суд ҳукмидек янграйди.

      Фикрларим хато бўлса, унда узр сўрайман. Ҳар ҳолда журналистика соҳасида таҳсил олмаганман. Мен фақат ўйларим, фикрларим, кузатишларим ва хулосаларимни баён этишга ҳаракат қилдим.

  2. Iroda:

    Jurnalistika sohasi köp yönalishlani öz ichiga oladi, yangilik borasida yozish uchun buni tez yetqizb bera olishlik kerak. Chunki hozir zamon shunaqa tezlikni talab qilayapti. Bir tomondan zamon özgarayapti,chumchuqni qanday söyish kerak deb youtubda qidirsangiz odamlar söyib körsatgan videosini körib örganib olish mumkin. Aytmoqchimanki onlayn kurslar orqalimi bir ilojini qilib ösha jurnalistikaga kerakli bilimlarni internet orqali ham olish mumkin.
    Yana bir tomoni köp yozuvchilar, shoirlarni hayot va ijodini öqishangiz, maktab davridayoq, 7-9 yoshlardan yozishni boshlashgan. Yoza olish uchun faqat qölga qalam va qog’oz olish kerak(bloggerlar uchun klaviatura). Jurnalistiklik diplomi esa ishga kirish uchun kerakli bir vosita.

    • Boburshoh:

      Bir tomondan haqsiz mana shu yillarda jurnalistika fakultetlariga tashrif buyursangiz talabalarning deyarli 90 foizi biror OAVida na faoliyat olib boradi va na biror gazetani olib jurnalistik ya’ni «sud nigohi» bilan kuzatadi. suraydigan bulsangiz «-amaliyotga chiqsak, o’rganamiz». Ho’sh amaliyotda ahvol qanday? O’zingiz oýlang sizni ish o»rningizga bir mutahasis keldi, gáyratli eng asosiysi yosh siz o’z ishingizni nechog’lik o’rgatasiz?!
      Ha maylim, jurnalistikaga kirish imtihonlariga bolalar gazeta yohud biror OAVida emas repetitorda tayyorgarlik ko’radi. Kirolmagan talaba alamidanmi yo iqtidoridan ijodda davom etadi, ertaga konflikt paydo bo’ladi «jurnalist bo’lish uchun o’qish shart emas» ha mayli muammo ko’tarish niyatida emasman ammo, nigohim shunaqa ming qilsa ham shu sizlar aytib turgan jarayonning qatnashchisiman sababi o’zim jurnalistikada o’qiyman va blog ochish fikrim yo’q emas.
      Muhrim akaga e’tirozim yo’q sababi biz ularning izidan ketayotgan jurnalistlarmiz , ammo bloglar meni fikrimcha bu jurnalistikaning boshqacha ko’rinishdagi maanfatli bir ko’rinishi.

  3. @DiorUz:

    Яхши мавзу. Сўровноманинг ҳар бор экани ютуқ. Фақат ўқиш жуда қийин бўлди, кўзни қийнади. Сўзлар бэкграунд дирмиди, шуни рангидан катта фарқ қилмас экан

    • Раҳмат эътибор учун! Аввал бунақа эмасди. ЎзБлогерлар чемпионатининг пешқадами кириб кўрганига ҳижолат тортиб, ранги «оқариб кетган» шекилли!))

Изоҳ қолдириш

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход / Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход / Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход / Изменить )

Google+ photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google+. Выход / Изменить )

Connecting to %s